МУСУЛМОН ШАХС САЙЛОВДА ФАОЛ БЎЛИШИ ШАРТ

МУСУЛМОН ШАХС САЙЛОВДА ФАОЛ БЎЛИШИ ШАРТ

 

   Ислом дини манбаларида сайлов ҳақида батафсил маълумот берилмаган бўлса-да, бироқ шариатда умумий қоидалар жорий этилиб, қолган масалалар умматнинг ихтиёрига қолдирилганини кўриш мумкин. Чунончи, ислом таълимотида ҳар бир ишда биринчи навбатда раҳбар тайинлаб олишга алоҳида эътибор қаратилади.

عن أبي هريرة، أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: "إذا كان ثلاثة في سفر فليؤمروا أحدهم" قال نافع: فقلنا لأبي سلمة: فأنت أميرنا". فهنا انتخاب الثلاثة للأمير حق لهم وواجب عليهم لإقامة الواجب الشرعي الذي نص عليه الحديث الشريف. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар уч (киши) сафарда бўлса, ораларидан бир кишини бошлиқ этиб тайинласинлар”, – деганлар. Нофеъ: “Биз Абу Саламага: “Демак, сен бизнинг бошлиғимизсан”, – дедик”, – деди”.

Ушбу ривоятга биноан, уч киши ўртасида бошлиқ сайлаш уларнинг зиммаларидаги вожиб бўлган вазифа экани англашилади. Шу нуқтаи назардан, ҳадисда баён этилган шаръий вожибни адо этиш уларнинг зиммаларига юкланган вожиб амал ҳисобланади.

Умуман, раҳбар сайлаш масаласида ислом динида кенг имкониятлар мавжуд эканини кўриш мумкин. Жумладан, хулафои рошидинларнинг ҳар бири ўзига хос тарзда сайланган. Абу Бакр Сиддиқ бир гуруҳ мусулмонлар томонидан сайланган, сўнгра қолганлар унга байъат қилганлар. Абу Бакр Сиддиқ умматнинг розилиги билан Ҳазрат Умарни ўз ўрнига тайинлаб кетган. Усмон ибн Аффон эса ўзидан олдинги халифа томонидан ташкил этилган олти кишидан иборат кенгаш томонидан сайланган, сўнгра қолган мусулмонлар унга байъат қилганлар. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, уларнинг ҳар бири халифалик лавозимига тенг ҳуқуқли номзод сифатида кўрилган бўлиб, исталган киши сайлов натижасида халифа этиб тайинланиш имконига эга бўлган. Али ибн Аби Толиб эса бир гуруҳ мусулмонларнинг илтимосига биноан халифалик вазифасини ўз зиммасига олган, уммат эса унга байъат қилган.

Юқорида зикр этилганидек, халифа сайлашда умматнинг хоҳиш-ихтиёри муҳим ўринга эга бўлиб, мусулмонларнинг байъатисиз ҳеч ким қонуний раҳбар сифатида тан олинмаган. Шу билан бир қаторда, хулафои рошидинларни тайинлаш жараёнида кузатилган сайловлар умумий жиҳатларга эга бўлса-да, бироқ улар ўртасида айрим фарқли хусусий жиҳатлар мавжуд. Шу сабабли ушбу ўринда сайловнинг шакли, ўтказиш тартиби эмас, балки умматнинг қўллаб-қувватлаши муҳим ҳисобланади. Тўрт халифани сайлашда услублар турлича бўлганига қарамай, асосийси, уларнинг барчасига уммат байъат қилганидир. Эътиборлиси, хулафои рошидинларни сайлаш тартиб ва услублари Қуръон ва ҳадисларда зикр этилмаган бўлса-да, ушбу тамойилларни ҳеч ким инкор қилмаган. Зотан, ушбу сайловлар шариатнинг асосий тамойилларидан келиб чиққан ҳолда, саҳобийларнинг ижтиҳодлари билан амалга оширилган.

Бугунги кунда демократик сайловларда айни тамойиллар татбиқ қилинар экан, мусулмонларнинг ўзлари учун раҳбар сайлашларида улардан фойдаланишлари тақиқланмайди. Хусусан, давлат бошқарувида девоннинг ташкил этилиши ҳам Умар ибн Хаттоб даврида форслар давлатчилигидан ўзлаштириб олинган бўлиб, унинг номи ҳам ҳатто форсий шаклда сақланиб қолган. Бу эса давлат ва сиёсатга доир масалаларда мусулмонларнинг умумий манфаати учун ақида ва шариатга зид бўлмаган ишлардан фойдаланишда ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини кўрсатади.

2007 йил 8-13 ноябрь (ҳижрий 1428, шаввол ойининг 22-27 кунлари) кунлари Маккадаги Ислом фиқҳи академиясининг 16-сессиясида “Мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганлар биргаликда сайловда қатнашишлари” ҳақида фатво эълон қилинди.

Унда қуйидаги жиҳатларга тўхталиб ўтилган:

  • мусулмон бўлмаган давлатда барча фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлган мусулмон шахс парламент ва бошқа сайловларда иштирок этиш ҳуқуқига ҳам эга. Чунки унинг иштирокида ижобий жиҳатлар кўп бўлади. Жумладан, ислом динининг маърифий имиджини тарғиб қилиш, ўша мамлакатда яшаётган мусулмонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, диний озчиликнинг муайян ҳуқуқларга эга бўлишини таъминлаш, жамиятда мусулмонларнинг ўрнини юксалтириш, мусулмонлар ҳақида илиқ таассуротларни уйғотиш, ҳақиқат ва адолат билан мулоқот қилиш, ўзаро ҳақиқат ва адолат асосида ҳамжиҳат яшаш ва ҳоказолар.

Юсуф алайҳиссаломнинг Мисрдаги фаолияти сайланиш ва сайловнинг гўзал намуналаридан бири ҳисобланади. Қадимий Мисрда давлат бошқаруви рисоладагидек бўлмаса-да, Юсуф алайҳиссалом қурғоқчилик йилларида ушбу мамлакатнинг муҳим ресурсларини сақлаб қолиш ҳамда халқнинг қаҳатчиликдан азият чекмаслигини таъминлаш мақсадида раҳбарлик лавозимига ўз номзодини илгари сурган. Мусулмон киши мана шундай бунёдкор, лоқайдликдан йироқ ҳамда жамиятга фойда келтирадиган шахс бўлиши лозим. Валлоҳу аълам.

Юқорида келтирилган фатво асосида уламолар Европа мамлакатларида истиқомат қилаётган мусулмонларга “масолиҳ ал-мурсала” усулий қоидасига кўра, ўз манфаатлари йўлида мусулмон бўлмаган шахсни давлат раҳбари сифатида сайлашларига рухсат берганлар.

Мусулмон мамлакатларидаги мусулмон етакчиларини сайлаш ҳақида нима дейиш мумкин? Бу борада шуни айтиш мумкинки, сайлов ва танлов тушунчалари аслида Ғарбга ислом дини орқали кириб келган. Шундай экан, дину диёнат, Ватан ва жамият манфаатлари йўлида хизмат қиладиган инсонни сайлаш, танлаш ва қўллаб-қувватлаш ҳар бир мусулмоннинг шаръий мажбуриятларидан бири бўлиши лозим.