Жиноятчиликка қарши иммунитет у илм ва маърифат асосида шаклланади

Жиноятчиликка қарши иммунитет у илм ва маърифат асосида шаклланади

Мамлакат мустақиллиги, унинг тараққиёти тақдири, аввало, ўша юрт ёшлари саъй-ҳаракати, уларнинг таълим-тарбиясига боғлиқ. Зеро, ёшлари маърифатли, диёнатли юртнинг келажаги ёруғ бўлиши табиий.

Шу нуқтаи назардан юртимизда ёшлар камолотига ҳамиша юксак эътибор қаратилган. Бу борада таълим-тарбия тизимига устувор аҳамият қаторида адашган ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш доирасида таъсирчан механизм яратилган. Жумладан, қонун бузилиш ҳолатлари олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг замонавий ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш мақсадида 2017 йил 14 мартда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2833-сонли Президент қарори қабул қилинди.

Мамлакатимизда жиноятчилик ва уни келтириб чиқарувчи шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишда ёшлар билан турли тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилишига катта эътибор берилиб, давра суҳбатлари, конференциялар ўтказилмоқда.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ҳам “Ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш чоралари” мавзусида онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда академиянинг профессор-устозлари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар академияси ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди.

Тадбирни юридик фанлари доктори, доцент Нигора Юсупова очиб берди. Давра суҳбатида юридик фанлари доктори Мавжуда Ражабова, Фарҳод Примов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар академияси ўқитувчиси Умида Маҳмудхўжаева ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Маъруфжон Қурбонов сўз олиб, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, содир этилаётган жиноятларнинг салбий асоратлари борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тадбирда академия талабалари нафақат диний, балки ҳуқуқий билимларни эгаллаши, бунда ислом фиқҳи илмларининг ҳам аҳамияти юқори экани таъкидланди.

 — Ёшлар айниқса, вояга етмаганлар ўртасида бир дона жиноят содир этилган бўлса ҳам кўп ҳисобланади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар академияси ўқитувчиси Умида Маҳмудхўжаева. — Ёшлар орасидаги жиноятлар мониторинги шуни кўрсатадики, аксарият жиноятнинг илдизи, келиб чиқиш сабаби боланинг оилада яхши тарбия олмагани, оилавий нотинчлик, “тўқликка шўхлик”ка бориб тақалади. Болалигидан маълум касб-ҳунарга йўналтирилмаган, илм-маърифатдан йироқ ёшларда бекорчиликда пайдо бўлган салбий фикрлар жиноят кўчасига киришига сабаб бўлади.

Давра суҳбатига йиғилганлар содир этилаётган жиноятлар орасида турли экстремистик гуруҳларга аъзо бўлиб, билиб-билмай қўпорувчилик ҳаракатлари иштирокчиси бўлиб қолаётган ёшлар сони ҳам кам эмаслиги ачинарли ҳолат экани афсус билан таъкидланди.

 

Дарҳақиқат, бугунги кунда диний ақидапарастлик мазмунидаги материалларнинг аксарияти бутунжаҳон интернет тармоғи орқали тарқатиляпти. Фойдаланувчиларнинг ҳаммаси ҳам бошланғич диний билими етарли даражада эмас. Ўзлари билмаган ҳолатда ўша хабарларга изоҳ ёзиб, бошқа фойдаланувчиларга улашмоқда. Ва шу тариқа билиб-билмай экстремистик гуруҳлар “тузоғи”га тушиб қоляпти.

Сўзга чиққанлар академия талабалари Ўзбекистон Республикасида тақиқланган сайтлар, видеоматериаллар асл, ғаразли мақсадидан бохабар бўлса, мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлашди. Академия ўқитувчилари талабаларга мазкур ахборотларнинг зарарли асоратлари ҳақида тушунчалар берса, ўз навбатида ёшлар ҳам бу ҳақида тенгдошларига етказса, экстремистик гуруҳларга аъзо бўлиш ҳолатлари камайган бўларди.

Зеро, ҳар қандай жиноятнинг олдини олиш учун, аввало, илм-маърифатни ривожлантириш зарур. Маърифатли инсон оқу-қорани теран англайди. Маънавияти юксак бўлади.

Бир сўз билан айтганда, фарзанд ниҳолга ўхшайди. Уни ёшлигидан қандай тарбияласак, шундай вояга етади. Ўзи, оиласи, халқи, маънавий илдизлари ҳақида етарли тушунчага эга бўлган бола жиноят кўчасига қадам босмайди. Бунга эришиш учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этиши лозим.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати

Қалбларга қувонч таратувчи қутлуғ айём

Қалбларга қувонч таратувчи қутлуғ айём

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Аввало, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, бутун халқимизни меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми — муборак.

Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий қутлайман.

Бу қутлуғ айёмда ҳаммамиз, аввало, шундай файзли ва барокатли кунларга етказгани учун Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз. Оила, маҳалла ва жамият аҳлига меҳр ва эътибор кўрсатиш, кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд кишиларга беғараз ёрдам бериш, яхшилик, сабру қаноат каби эзгу фазилатларни ўзида мужассам этган бу байрамнинг маъно-мазмуни бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир. Айни чоғларда бутун инсоният ҳаётига таҳдид солаётган коронавирус касаллиги тезроқ аришини, беморларга комил шифо беришини Ҳақ таолодан сўраймиз.

Таъкидлаш жоизки, Қурбон ҳайити буюк байрам ва қувончли воқеадир. Ушбу байрам ҳижрий зулҳижжа ойининг 10-куни нишонланади. Бу ойда имкон қадар нафл ибодатларни кўпайтириш Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш билан бўлади. Хусусан, зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни ашри зулҳижжа дейилади, ушбу 10 кунда қилинадиган савобли амаллар ажри жуда ҳам улуғ. Имом Бухорий ва Имом Муслимдан келтирилган ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен Аллоҳнинг наздида зулҳижжанинг аввалги 10 кунида қилинган солиҳ амалларга бериладиган савобли амалларни топмадим”, дедилар”.

Шу билан бирга, мана шу 10 кун ичида арафа куни — эртага ҳайит деган кун рўзаси ҳақида Расули акрам алайҳиссолату вассаламдан машҳур ҳадис бор: “Арафа куннинг рўзаси бир йил аввалги ва бир йил кейинги гуноҳига каффорот бўлади, деб умид қиламан”.

Яъни бу муборак 10 кунда қилинадиган солиҳ амаллар ажри Аллоҳ ҳузурида янада кўпроқ бўлади. Демак, мўмин-мусулмонлар кўпроқ хайрли ишларни қилишса, кўпроқ савобга эга бўлишади, инша Аллоҳ.

Ушбу муборак байрамда қилинадиган амали солиҳларнинг энг афзали — зулҳижжа ойининг 10-кунидан бошлаб, учинчи кун қуёш ботгунга қадар, яъни 3 кун ичида мусулмон, оқил, балоғат ёшига етган, муқим ва закот беришга қодир бўлган кишиларга бир жонлик сўйиш вожиб ҳисоб­ланади.

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қурбонлик кунини байрам қилишга амр қилиндим. Уни Аллоҳ бу уммат учун хос қилгандир”, дедилар. Демак, қурбонлик кунини байрам қилишни Парвардигори олам Пайғамбар алайҳиcсаломга амр қилган. Аллоҳ таоло фақатгина биз умматларга бу Қурбон ­ҳайитини ўзига хос байрам қилиб берган.

Имом Нисобурий айтадиларки, Аллоҳ таолонинг ушбу ўн кечага қасам ичиши бу кунларнинг нечоғли шарафли ва улуғ эканига далолат қилади ва унда дунёвий ва ухровий манфаатлар борлигини билдиради.

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ учун ибодат қилишга зулҳижжанинг ўн кунидан севимлироқ кунлар йўқ. Унинг ҳар кунлик рўзаси бир йиллик рўзага, ҳар тундаги ибодат Лайлатул қадрдаги ибодатга тенгдир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Одатда ҳайит кунида ҳамма бир-бирини улуғ кун билан самимий муборакбод этади. Таъкидлаш керакки, бу йил Қурбон ҳайитини карантин талабларига мувофиқ, уй шароитида, оила даврасида, ҳашаматсиз ва камтарона, тартибли нишонлаймиз. Биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғларимизни, ёру биродарларимизни телефон орқали йўқлаймиз. Уларнинг кўнглини сўраш ва кўтаришга ҳаракат қиламиз. Бу кун барчага қувонч улашиладиган кундир.

Зеро, улуғ алломаларимиз: “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир”, деганлар. Исломнинг шиори бўлган Қурбон ҳайити кунларида қувончимизни, саховатимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ намоён қилишимиз лозим.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифда марҳамат қилиб: “Қурбонлик қилиш чиройли амаллардандир. У бандани дунёда балолардан ва охиратда офатлардан ҳимоя қилади”, деганлар.

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким қурбонликка жонлиқ олиш учун бозорга борса, Аллоҳ таоло ҳар бир қадамига ўнта савоб ато этади ва ўнта гуноҳини кечиради ва мартабасини ўн даража кўтаради. Жонлиқни савдо қилаётганда айтган сўзларини тасбеҳ ўрнида қабул қилади. У учун берган ҳар бир дирҳамига етти юз дирҳамнинг савобини беради. Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фаришта яратади ва улар қиёматгача унинг учун истиғфор айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун Исмоил алайҳиссалом фарзандларидан бир қулни озод қилганлик савобини беради”, деганлар.

Қурбонлик ибодат бўлиши билан бирга унинг ижтимоий аҳамияти ҳам беқиёс. Қурбон ҳайити —хайр-эҳсон, саховат, меҳр-мурувват байрами. Унда қилинадиган қурбонликлар эса жамиятда кишилар ўртасида инсоний фазилатларни ривож топишида хизмат қилувчи восита. Чунки қурбонлик гўштидан ва таомидан эҳсон қилишимиз қалбларимизни юмшатиб, меҳр-муҳаббат ришталарини мус­таҳкамлайди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги коронавирус касаллиги кенг тарқалган дамларда сабр қилиб, сукут сақлаш мўминларга ҳам қонуний, ҳам ибодат тавсияси бўлади. Бу синовли кунларга сабр ва шукр қилишимиз Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлади.

Муҳтарам Президентимизнинг “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унда Қурбон ҳайитини карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказишга алоҳида урғу қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар кенгашининг Қурбон ҳайитини коронавирус пандемияси даврида карантин талабларига мувофиқ ўтказиш тўғрисидаги баёноти ҳам тарқатилди.

Бугунги вазиятни инобатга олган ҳолда шаръий кўрсатмалар ва фиқҳий қоидалар асосида мўмин-мусулмонлар Қурбон ҳайитининг карантин талаб­ларига мувофиқ, уй шароитида, оила даврасида, ҳашаматсиз ва камтарона, тартибли ўтказишлари алоҳида таъкид­ланди.

Шунингдек, Қурбон ҳайити байрамини оиламиз бағрида ўтказиш, сабрли бўлиш, дуою илтижоларни кўпайтириш, яхши кунларга умид билан яшаш лозим. Қурбон ҳайити меҳр-оқибат, эзгулик, бировларга яхшиликни соғиниш айёми экани, бугунги карантин даврида бизнинг яхшилигимиз кексалар, беморлар хонадонларига бориб уларнинг ҳолидан хабар олиш эмас, аксинча, бормасдан телефон орқали ҳол-аҳвол сўрашдир. Ҳайит кунларида ўз аҳли оиламизни хурсанд қилиш, фарзандларимизни келажакда илмли, маърифатли, зиёли қилиб тайёрлаш, карантин даврида фарзандлар тарбияси билан кўпроқ машғул бўлишга урғу қаратишимиз керак.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар кенгашининг Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги баёнотида айтилганидек, шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ҳайит намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намозини адо этиш соқит бўлади.

Ислом дини манбаларида Қурбон ҳайити намози вожиб амал экани баён этилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан жума намози вожиб бўлган кишиларга ҳайит намози вожиб экани нақл қилинган. Жума намози Қуръон, суннат, ижмо каби қатъий далиллар билан собит бўлган фарз амалдир. Модомики муайян узрлар билан фарз бўлган жума намозини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида уламолар фатвоси қабул қилинган экан, вожиб амал бўлган ҳайит намозини ўқимаслик ҳам ўз-ўзидан маълум бўлади. Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2020 йилги Қурбон ҳайити (Ийдул адҳо) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.

Ҳанафий мазҳабининг мўътабар манбаларида келишича, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қў­йилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал.

Ҳозирги халқимиз бошига оғир иш тушган бир паллада муҳтарам ­Президентимиз бошчилигида ҳукумат аъзоларидан тортиб вилоят раҳбарлари ва мутасадди ташкилот вакилларигача, айниқса, соғлиқни сақлаш ходимлари, юксак масъулиятни ҳис этган ҳолда кунни тунга улаб, ўз жонларини хатарга қўйиб, коронавирус хасталигини жиловлаш бўйича жиддий кураш олиб ­бормоқдалар.

Мазкур ўрнатилган тартиб-қоидалар ва чекловлар барчаси аҳолимиз саломатлигини асраб-авайлаш учун қилинмоқда. Буни теран ақл билан тўғри тушунишимиз керак. Халқимиз ҳаётини сақлаш йўлида амалга оширилаётган барча чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашимиз лозим бўлади. Ҳар биримиз ўзимиз, оиламиз, фарзанд­ларимизнинг соғлиғи ва тақдири учун, аввало, ўзимиз масъул эканимизни чуқур англашимиз лозим.

Аллоҳ таоло бандаларига етган азиятлар сабабли уларнинг даражаларини кўтаришни хоҳлайди. Бу ҳақда Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом бир нечта ҳадисларида марҳамат қилганлар: “Мўмин кишига бирор тикан кирса ёки ундан каттароқ мусибат етса, албатта, Аллоҳ ана шу сабабли унинг даражаларини кўтаради ёки унинг хатоларини ўчиради (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом ­айтадилар:
“Мўмин кишининг ишлари ажо­йиб. Унинг барча ишлари яхшиликдир. Бундай имконият ҳаммага эмас, фақат мўмин-мусулмонларгадир. Агар унга кенгчилик етса, шукр қилади ва бу унга яхши (савоб) бўлади. Агар унга қийинчилик етса, сабр қилади ва бу ҳам унга яхшиликдир (Имом Муслим ривояти).

Таниқли уламолардан Ризоуддин ибн Фахруддиннинг бундай сўзлари бор: “Одам боласи қайғу, ҳасрат кўрмай умр кечириши мумкин эмас. Турмуш ва ҳаёт тиканли чангалзор устидан юришдан, машаққат тўлқинлари билан курашиб сузишдан иборат. Ақлли киши шу машаққатлардан қўрқмаслиги, келажакдаги роҳатларга умид боғлаб, ушбу машаққатлардан енгилмаслиги, кўнглини чўктирмаслиги зарур. Ҳар оғирлик ортидан бир енгиллик келишини Яратганнинг ўзи ваъда қилиб қўйган. Оқил киши, албатта, шу ваъдани хотирлаб, кўнг­лини хотиржам қилади, ўзига тасалли беради”. Ҳазрати Али (карамаллоҳу важҳаҳу): “Сабр қоқилмас уловдир, қаноат қайрилмас қиличдир”, деганлар.

Демакки, бу ўрнатилган тартиб-қоидаларни тўғри тушунган ҳолда амал қилиб, бошга келган синовларни ­сабр-қаноат ила, ёруғ кунларга умид билан енгиб ўтиш лозим бўлади.

Сиз азизларни Ислом динининг эзгу ғояларини яққол ифода этувчи байрам — Қурбон ҳайити билан чин қалбдан муборакбод этаман! Сизларга оилавий бахту саодат, сиҳат-саломатлик, дину дунё ишларингизда муваффақиятлар тилайман! Аллоҳ бутун дунёга офият берсин! Келаси шу ой шу кунларга соғ-саломат, тинчлик-осудаликда етиб боришимизни насиб айласин!

Яна бир бор барчангизга Қурбон ҳайити муборак бўлсин!

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Ахборот таҳдидлари ва унга қарши қандай курашиш лозим?

Ахборот таҳдидлари ва унга қарши қандай курашиш лозим?

Бугунги кунда дунёда глобаллашув жараёнлари кучайиб, тинчлик ва барқарорликка қарши янги таҳдид ва хатарлар тобора кўпайиб бормоқда. Айниқса, таҳдидлар инсон онгу тафаккурига қаратилаётгани барчани огоҳ ва ҳушёр бўлишга чақиради.

Шу мақсадда Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими” ҳамда “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси ҳамкорлигида “Ахборот таҳдидлари ва унга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари” мавзусида онлайн семинар ташкил этилди. Унда профессор-ўқитувчилар, олимлар, вазирлик ва ташкилотлар мутахассислари, илмий-тадқиқотчилар, ёшлар иштирок этди.

Семинарида Академия бўлим бошлиғи Мунира Қаҳҳорова ўз маърузаси билан қатнашиб, бугунги пандемия шароитида ёшларни ички ва ташқи ҳамда ахборот таҳдидларидан ҳимоя қилиш, уларда мафкуравий иммунитетни ошириш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда ахборот таҳдиди кун сайин ортиб бораётгани, ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш борасидаги миллий дастурлар, хавфсиз ахборот концепциялари, айрим ахборотларга нисбатан вақт, ёш ва бошқа мезонлар асосида чекловлар қонуний жиҳатдан белгиланаётгани ҳақида соҳа вакиллари томонидан маълумот берилди.

Бугунги кунда ахборот-коммуникация технологияларидан жамият ҳаётининг барча жабҳаларида фойдаланиш кенгайиб борилаётганлиги, ахборотга бўлган эҳтиёжнинг ортиб бориши ҳамда ахборот хуружларининг кучайиб бориши ва уларнинг ёпиқ характерга эга эканлигини инобатга олиб, ахборотга бўлган тақчилликнинг олдини олиш, содир бўлган воқеликка тўғри ва холис баҳо бериш, турли ғаразли ғояларга қарши курашишга қаратилган тарғибот ишларини янада кенгайтириш давр талаби экани айтилди.

Мазмунли ўтган тадбир якунида мавзу бўйича савол-жавоб ўтказилиб, эгалланган билимлар мустаҳкамланди. Қатор вазирлик ва ташкилотлар мутахассислари  ахборот таҳдидлари ва унга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари бўйича ўз таклифларини билдирилди.

 Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати

Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табриги

Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табриги

Қадрли ватандошлар!

Бутун ислом олами қаторида дину диёнатли, эътиқоди мустаҳкам халқимиз катта интиқлик билан кутиб олаётган муборак Қурбон ҳайити билан сиз азизларни, юртимиздаги барча мусулмон умматини чин қалбимдан самимий табриклайман.

Кўҳна тарихимиз давомида юртимизнинг маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаб, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тамойилларини ҳар томонлама барқарор этиб келаётган бу қутлуғ байрам барчамизга муборак бўлсин!

Ушбу муқаддас айёмда сизларга, бутун эл-юртимизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат тилайман.

Дунё давлатлари қатори мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаган оғир синов – коронавирус пандемияси шароитида биз Қурбон ҳайитининг жамиятимиз ҳаётидаги беқиёс ўрни ва улкан аҳамиятини янада чуқур ҳис этмоқдамиз.

Айниқса, бу қутлуғ байрамнинг моҳиятида мужассам бўлган эзгу ва савоб ишлар қилиб яшаш, ўзаро ёрдам, меҳр-саховат, сабру қаноат, шукроналик, тинчлик ва соғликни қадрлашдек улуғ фазилатлар бугун алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Шу маънода, айнан мана шундай муқаддас қадриятларимиз бугунги мураккаб вазиятда эл-юртимизга қўшимча куч-ғайрат, чидам ва бардош ато этмоқда, десак, тўғри бўлади.

Давлатимиз ва жамиятимиз томонидан кўрилаётган барча чора-тадбирларга қарамасдан, минг афсуски, юртдошларимиз орасида ушбу касалликдан вафот этганлар ҳам бўлди. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларига чин қалбимдан ҳамдардлик билдириб, барчаларига сабр-бардош тилайман, марҳумларнинг охиратлари обод бўлишини Яратгандан сўраб қоламан.

Албатта, пандемия туфайли оммавий тадбирларни, жумладан, Қурбон ҳайити билан боғлиқ маросимларни жамоат бўлиб адо этишда айрим чекловлар вужудга келганини мавжуд вазият тақозоси сифатида барчамиз яхши тушунамиз.

Муқаддас Қуръони каримнинг бир неча ўринларида хайр-эҳсон, эзгуликнинг мукофоти фақат яхшилик экани алоҳида таъкидланган. Бу каби пурмаъно ҳикматлар бугунги синовли кунларда жамиятимизда меҳр-оқибат, саховат ва мурувват, ўзаро тотувлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитининг тобора юксалиб боришида акс этмоқда.

Дарҳақиқат, ушбу оғир синов дамларида Aллоҳ таолонинг ўзи эзгу ва савоб амаллар учун янги имконият эшикларини очиб бермоқда. Хусусан, пандемия туфайли ишидан, доимий даромад манбаидан узилиб қолган, ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак беришни юртдошларимиз ўзларининг инсоний бурчи, деб қабул қилаётгани таҳсинга лойиқдир. Зеро, муқаддас ҳадисларда келтирилганидек, ҳақиқий мусулмон ўзига раво кўрганини биродарига ҳам раво кўради.

Айниқса, ҳалол меҳнати орқасидан жамғарган маблағини қариндош-уруғлари, маҳалладоши ёки юртдошининг оғирини енгил қилиш учун холис ният билан ҳадя этган, меҳр-оқибатли, инсоф-диёнатли ва жонкуяр инсонларга Яратганнинг ўзи ажру мукофотини беради, албатта.

Ана шундай олижаноб юртдошларимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатимизда ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бугунги кунда том маънода қудратли кучга айланди.

Ўтган қисқа вақт давомида ушбу Ҳаракат доирасида амалга оширилган улкан ҳажмдаги хайрия тадбирлари ва меҳр-мурувват амаллари ҳам шундан яққол далолат беради. 

Ана шу эзгу ишларимизнинг мантиқий давоми сифатида ҳамда пандемия даврида доимий даромад манбаига эга бўлмаган, кам таъминланган, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли қатламларини ва оилаларни ҳамда иқтисодиётни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш мақсадида аввал ажратилган 10 триллион сўм маблағга қўшимча равишда бугун мен имзолаган Фармонга мувофиқ, республика бюджетидан яна қарийб 2,5 триллион сўм маблағ йўналтириш белгиланди.

Шу билан бирга, жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиб келаётган диний соҳада хизмат қилаётган вакилларни моддий рағбатлантириш ҳамда жойларда хайру саховат, мурувват борасида амалга оширилаётган ишларни, жаҳолатга қарши – маърифат руҳидаги кенг қамровли тадбирларни янги босқичга кўтариш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондига 150 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Азиз юртдошлар!

Биз орзу-ниятлари пок ва улуғ халқмиз. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратларининг: “Муроди кўпнинг Ҳаққа итоати ҳам кўп бўлади”, деган сўзларида теран маъно мужассам.

Ер юзига Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб турган ушбу саодатли айёмда дунёнинг олис-яқин мамлакатларидаги барча мўмин-мусулмон биродарларимизни, хорижий дўст ва ҳамкорларимизни ҳам Қурбон ҳайити билан қизғин табриклаб, уларга мустаҳкам тинчлик, бардавом тараққиёт тилайман.

Сиз, азиз ва муҳтарам ватандошларимизни Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин қалбимдан муборакбод этаман.

Барча пок ниятларимиз ижобат бўлишини, Яратганнинг ўзи юртимизни турли бало-қазолардан асрашини, бирдамлик, дўстлик ва аҳиллик туйғуларимиз янада зиёда бўлишини сўраб қоламан.

Жонажон Ватанимиз, хонадонларимиздан тинчлик-осойишталик, файзу барака ҳеч қачон аримасин!

Эзгу интилиш ва ишларимизда Аллоҳ таоло ҳамиша мададкор бўлсин!

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти